Ўзбекистон делегацияси Алматидаги Савдо форумида иштирок этади

Дата: 16:10, 24-10-2014.

Тошкент. 24 октябрЎзТАГ – Жорий йилнинг 29-30 октябр кунлари Ўзбекистоннинг бизнес делегацияси Алматидаги IV Марказий Осиё Савдо форумида иштирок этади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташриф Ўзбекистон Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси томонидан Қозоғистон элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Ташриф олдидан тадбиркорлар Қозоғистон элчиси Борибай Жексембин билан учрашдилар.

Ассоциациядан хабар беришларича, элчи ўз чиқишида Қозоғистон бугунда Ўзбекистоннинг учинчи йирик савдо ҳамкори эканлиги ва 2013 йил якунлари бўйича икки томон ўртасидаги савдо айланмаси $3,24 млрддан ошганлигини қайд этди.

Ассоциация раҳбари Ҳикмат Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, ўзбек тадбиркорларининг тадбирдан кўзлаган мақсадлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни Қозоғистонга экспорт қилиш имкониятларини ўрганиш, қўшма ишлаб чиқаришлар ташкил этишдан иборат. Шунингдек, ўзбек бизнесида Қозоғистон орқали МДҲ ва Европа мамлакатлари билан транспорт-логистика алоқаларини йўлга қўйиш имкониятлари ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ташриф давомида ўзбекистонлик тадбиркорлар Қозоғистон Тадбиркорлар палатаси, Алмати ва Чимкент шаҳри маъмуриятлари, “KAZNEX INVEST” Экспорт ва инвестиция миллий агентлиги ҳамда қатор қозоқ компанияларига ҳам борадилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: