Ўзбекистон делегацияси Ашхабод келишуви мувофиқлаштирувчи кенгашининг биринчи йиғилишида қатнашди

Дата: 16:22, 18-02-2015.

Тошкент. 18 феврал. ЎзТАГ – Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон” халқаро транспорт ва транзит коридорини ташкил қилиш ҳақидаги келишув (Ашхабод келишуви) мувофиқлаштирувчи кенгашининг биринчи йиғилишида қатнашди. Ушбу йиғилиш 15-16 февралда Теҳронда бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИАИСВдан хабар қилишларича, йиғилиш ишида Эрон Йўл ва шаҳар тараққиёти вазирининг ўринбосари Давуд Кешаварзиан, Уммон султонлиги транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Саид бин Ҳамдун, Туркманистон Темир йўллар вазири Байрам Аннамередовлар қатнашди. “Казахстан темир жоли” компанияси президенти Аскар Мамин ва Халқаро йўллар ассоциацияси (IRU) вакили Далида Матиклар таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок қилдилар.

Йиғилиш якунлари бўйича Протокол имзоланиб, у келишувни амалга ошириш учун амалий чоралар қабул қилишни кўзда тутади. Бу, ўз навбатида, ташкилот ишчи органларини шакллантириш ва улар фаолиятини йўлга қўйиш, ташқи савдо юклари транзити учун қулай шароитларни шакллантиришга доир аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва коридордан самарали фойдаланиш кабиларни кўзда тутади.

Бундан ташқари, Теҳронда бўлиш чоғида ўзбек делегацияси Эрон саноат, конлар ва савдо вазири Ризо Нематзода ва Йўллар ва шаҳар қурилиши вазири Аббос Охундий билан ишчи учрашувлари ўтказди.

Учрашувларда савдо-иқтисодий транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ўзбек-эрон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамизки, бундан олдинроқ “Казахстан темир жоли” матбуот хизмати Қозоғистон “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон” халқаро транспорт-транзит коридорига қўшилганлиги ҳақида хабар қилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: