Ўзбекистон делегацияси Астанадаги бизнес-форум ишида қатнашди
Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон тадбиркорлари делегацияси Астанада бўлиб ўтган “Ҳудудларга сармоя киритиш мамлакат рақобатбардошлигининг асоси” бизнес-форуми ишида қатнашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистонликлар Қозоғистон, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи агробизнес ва озиқ овқат саноатига инвестициялар жалб қилиш учун шароит ва имкониятларни кенгайтириш масалалари муҳокамасида қатнашдилар”, - деб таъкидлашди Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида.
Мулоқотлар доирасида янги лойиаҳалар истиқболлари, ташқи савдо алоқаларини мустаҳкамлаш кабилар кўриб чиқилди. Форум майдончаларида бизнесменлар ўз ишларини кенгайтириш ва ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича янги технология, маҳсулотларини экспортга чиқариш услубларини муҳокама қилдилар.
Иштирокчилар кооперация биржаси доирасида бўлажак бизнес-ҳамкорлар билан учрашдилар, тақдим этилган бизнес лойиҳалар, технология ва янги маҳсулот турлари билан танишдилар. Қозоғистоннинг йирик савдо харид компания ва тармоқлари вакиллари билан учрашувлар доирасида қатор ўзбек ширкатлари маҳсулотларини етказиб беришга доир экспорт шартномаларини тайёрлашга доир ишларни бошлаш ҳақида келишиб олинди.