Ўзбекистон делегацияси Буюк Британия олий таълим тажрибаси билан танишмоқда

Дата: 18:10, 03-03-2014.

Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Давлат тест маркази делегацияси 2014 йилнинг 1-7 март кунлари Буюк Британияга ушбу мамлакатдаги олий таълим сифатини таъминлаш тажрибасини ўрганиш мақсадида ташриф буюрмоқда. Бу ҳақида Британия кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар қилмоқда.
Ваколатхонадан маълум қилишларича, ташриф дастури британ Сифатни таъминлаш агентлиги томонидан ўтказиладиган уч кунлик интенсив семинар ҳамда Таълим сифатини таъминлаш марказларига танишув ташрифларидан иборат.
Шунингдек, Лондон Метрополитен университети, Вестминстер университети ва Марказий Ланкашир университети каби ҳамкор таълим муассасалари ректорлари ва ўқитувчилари билан учрашувлар ҳам режалаштирилган.
Ушбу ташриф Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Британия Кенгашининг олий таълим тизимини янада такомиллаштириш, узоқ муддатли халқаро ҳамкорлик яратиш ва олий ўқув юртларида сифат маданиятини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликдаги лойиҳасини амалга оширишда муҳим қадам бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: