Ўзбекистон делегацияси Қирғизистонга ташриф буюради
Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – 2016 йилнинг 26 октябр куни Ўзбекистон Республикаси делегацияси Қирғиз Республикасига ўзаро қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида ташриф буюради, деб хабар беради Қирғиз телеграф агентлиги (КирТАГ) ҚР ҳукумати матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“Ўзбек делегациясининг жавоб ташрифи Қирғиз Республикасининг Ўш вилоятига амалга оширилади. Ташриф доирасида делегация Ўш марказида бўлиб ўтадиган маданий-байрам тадбирларида иштирок этади ва Қирғизистон халқлар ассамблеясида бўлади. Шунингдек, меҳмонларга Бобур номидаги ўзбек драма театрида “Семетей – Манас ўғли” номли спектакл намойиш этилади”, - дейилади душанба кунги хабарда.
Бундан ташқари, ўзбек делегацияси аъзолари шаҳар марказидаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари намойишида ва Ўш давлат университетининг “Ак Бурра” кампусида бўлиб, Тиббиёт факультети талабалари билан учрашишади. Ташриф сўнггида Ўзбекистон вакиллари “Сулайман-Тов” тарихий-этнографик мажмуасига ташриф буюришади.
Ўзбекистон делегацияси Қирғизистонга ташрифи якунлари бўйича икки тарафлама ҳамкорлик ҳақидаги ҳужжатлар имзоланади.
Эслатиб ўтамизки, бундан олдин жорий йил 1 октябрда Қирғиз Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Муҳамметкали Абулгазиев бошчилигидаги Қирғизистон делегацияси Андижон вилоятига ўзбек томони таклифига кўра қирғиз-ўзбек муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида ташриф буюрган эди.