Ўзбекистон делегацияси Хитойда ШҲТ масалаларини муҳокама қилади

Дата: 11:42, 27-01-2016.

Тошкент. 27 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон делегацияси ХХРда ШҲТ масалаларини муҳокама қилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ТИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“2016-йилнинг 27-29-январ кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлади”, - дейилади хабарда.

Хабарда таъкидланишича, Пекин шаҳрида Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И билан бўлиб ўтадиган учрашувда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари ва ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, жумладан бўлажак икки ва кўп томонлама ҳамда ШҲТнинг Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган тадбирларига тайёргарлик жараёнини кўриб чиқиш режалаштирилган.

Шунингдек, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов билан ўтказиладиган музокаралар доирасида 2016-йил июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси ҳамда Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотда раислиги доирасида ўтказиладиган бошқа тадбирларга тайёргарлик кўришнинг амалий масалалари муҳокама қилиниши хабар қилинган.

Эслатиб ўтамизки, 2016 йил январда ШҲТ бош котиби вазифасини Тожикистон вакили Рашид Алимов бажаришга киришди, ШҲТ Тошкентда жойлашган Минтақавий аксилтеррор таркиби ижроя кенгаши янги раҳбари вазифасини Евгений Сисоев эгаллади. 2016 йилдан бошлаб ШҲТ раислик Ўзбекистонга ўтди.

Эслатиб ўтамизки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 2001 йилда ташкил қилинган минтақавий халқаро ташкилотдир. Унга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Беларусь, Монголия, Эрон, Покистон ва Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. 2015 йилнинг 10 июлида ШҲТга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш бўйича ҳаракатлар бошланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: