Ўзбекистон делегацияси Пекинда “ШҲТ майсазори”ни барпо этиш маросимида иштирок этди
Тошкент. 29 апреля. ЎзТАГ – Пекин шаҳрида ишчи ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси ШҲТ Котибиятида “ШҲТ майсазори”ни барпо этиш маросимида иштирок этди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
“Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ТИВ делегациялари раҳбарлари жорий йилда 15 ёшга тўлган ташкилотнинг ўсувчи салоҳиятинининг рамзи бўлган дарахтларни ўтқаздилар”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамизки, ҳозирги пайтда ШҲТ 6 та аъзо давлатлар (Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон), 6 та кузатувчи давлатлар (Афғонистон, Беларус, Эрон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Покистон) ва 6 та мулоқот бўйича шерикларни (Арманистон, Камбоджа, Непал, Озарбайжон, Туркия ва Шри-Ланка) қамраб олган.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доимий амал қилувчи ҳакуматлараро халқаро ташкилотдир. Унинг асосий мақсадларига – ташкилотга аъзо мамлакатлар орасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, уларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, таълим ва маданий, энергетика, транспорт, туризм, атроф муҳим муҳофазаси соҳалардаги самарали ҳамкорлигига кўмаклашиш, биргаликда минтақада тинчлик ва ҳавфсизликни таъминлаш кабилар киради.
Жорий йилда ташкилотда Ўзбекистон раислик қилмоқда. ШҲТ навбатдаги саммити июн охирида Тошкентда бўлиб ўтади.


