Ўзбекистон делегацияси ШҲТ мамлакатлари бош вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этади
Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Молия вазири Рустам Азимов бошлиқ Ўзбекистон делегацияси ШҲТ мамлакатлари Ҳукумат раҳбарлари (Бош вазирлари) кенгашининг 14-йиғилишида иштирок этади, деб хабар беради ўзбек ТИВ матбуот хизмати.
Хабар қилинишича, ШҲТ ҲРК йиғилиши 14-15-декабр кунлари Чженчжоу шаҳрида (ХХР) бўлиб ўтади.
“Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг Кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга ошириш жараёнини ҳамда ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар” - дейилади душанба куни эълон қилинган хабарда.
Тадбирда ШҲТда кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларус, Эрон, Ҳиндистон, Мўғулистон ва Покистон вакиллари, шунингдек, ШҲТ ишчи органлари – Котибият, МАТТ ижроий қўмитаси, Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси, қатор халқаро ва минтақавий ташкилот ва форумлар – БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, МДҲ, АСEАН ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг раҳбарлари иштирок этиши ҳам таъкидлаб ўтилган.