Ўзбекистон делегацияси ШҲТ миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашининг мажлисида қатнашади
Тошкент. 14 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий мувофиқлаштирувчилари кенгашининг (ШҲТ ММК) навбатдаги мажлисида иштирок этади. Бу ҳақида ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Хабар қилинишича, мажлис 2016 йилнинг 15-18 мартида Пекин шаҳрида ўтказилади.
“Мажлисда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ Саммитига ҳамда Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги доирасидаги бошқа тадбирларга тайёргарликнинг бориши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган”, - дейилади якшанба куни эълон қилинган хабарда.
Эслатиб ўтамизки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 2001 йилда ташкил қилинган минтақавий халқаро ташкилотдир. Унга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Беларусь, Монголия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. 2015 йилнинг 10 июлида ШҲТга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш бўйича ҳаракатлар бошланди.