Ўзбекистон делегацияси ШҲТ ТИВК йиғилишида иштирок этади

Дата: 16:16, 29-07-2014.

Тошкент. 29 июл. ЎзТАГ – Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Ташқи ишлар вазирликлари кенгашининг (ТИВК) Душанбе (Тожикистон) шаҳридаги навбатдаги мажлисида иштирок этади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВдан хабар қилишларича, йиғилиш 30-31 июл кунлари бўлиб ўтади. Йиғилиш жорий йилнинг 11-12 сентябр кунлари Душанбеда ўтказилиши режалаштирилган ШҲТ давлатлари раҳбарларининг XIV йиғилишига тайёргарликка доир асосий тадбир бўлади.

Эслатиб ўтамизки, ШҲТ доимий амал қилувчи ҳукуматлараро халқаро ташкилот бўлиб, у 2001 йилда Шанхайда (ХХР) Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ташкил этилган.

ШҲТнинг олий органи Давлат раҳбарлари кенгаши ҳисобланади. У йилда бир марта йиғилади ва ташкилотнинг муҳим масалалари бўйича қарорлар қабул қилади.

Ҳозирда Афғонистон Ислом Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Монголия, Покистон Ислом Республикаси ШҲТда кузатувчи мақомига эга.

Янгилик билан ўртоқлашиш: