Ўзбекистон делегацияси ШҲТ вазирлари мажлисида қатнашади
Тошкент. 15 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон делегацияси ШҲТ вазирлари мажлисида қатнашади, деб хабар қилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
“Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўринбосари Шавкат Тўлаганов бошчилигидаги делегация 2015-йилнинг 16-сентябр куни Сиани шаҳрида (ХХР) бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатларнинг Ташқи иқтисодий ҳамда ташқи савдо фаолиятига масъул вазирларининг навбатдаги мажлисида иштирок этади”, - дейилади ташқисиёсий муассаса хабарида.
Шунингдек, мажлисда ШҲТ доирасида кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлари) кенгашининг бўлажак йиғилишига тайёргарлик жараёни ҳамда умумий кун тартибининг бошқа масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилганлиги ҳам айтиб ўтилмоқда.


