Ўзбекистон делегацияси TexWorld USA халқаро кўргазмасидаги биринчи иштирокини якунлади
Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – 22-24 январ кунлари Ўзбекистон делегацияси Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган TexWorld USA халқаро тўқимачилик кўргазмасидаги ўзининг биринчи иштирокини якунлади, дея хабар беради Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
“Тадбирда 60дан ортиқ мамлакатдан 25 мингга атрофида меҳмонлар, шу жумладан, тўқимачилик маҳсулотларининг йирик дизайнерлик ва савдо компаниялари вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон билан бирга фақат Хитой ва Жанубий Кореянинг мамлакат павильонлари ташкил этилган бўлиб, улар сўнгги 10 йил давомида ҳар йили TexWorld USAда ўз маҳсулотларини намойиш этадилар”, дейилади хабарда.
АҚШдаги Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, кўргазма тадбирлари доирасида мамлакат тўқимачилик саноатининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини тақдимоти ташкил этилди, шунингдек, Ўзбекистоннинг пахта етиштиришда меҳнатни ташкил қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигига доир брифинг ўтказилди. Америка бизнес ва жамоат доираларига тармоқнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, тўқимачилик маҳсулотларини кенг номенклатураси ҳақида батафсил маълумот берилди, шунингдек, республикада ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар ҳақида видеоролик намойиш қилинди.
Таъкидланишича, тадбир давомида иштирокчиларнинг, хусусан, америка савдо тармоғининг ўзбек тўқимачилик маҳсулотларига бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётгани кузатилди. “Ёшлар ва катталар учун трикотаж майка, кўйлак, поло кўйлаклари алоҳида эътибор қозонди. Бетакрор миллий кашталар ва ноёб қўл меҳнати билан ажралиб турувчи эркаклар ва аёллар зарбоф халатларга қизиқиш катта бўлди”, - дейилади хабарда.
Ўзбек ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазмада иштирок якунлари бўйича Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларининг катта партиясини АҚШ бозорига етказиб бериш бўйича келишувга эришилди. Бунда Нью-Йоркдаги “Узтрейд” савдо уйи имкониятларидан фойдаланишга келишилди. “Ўзтекстилпром” уюшмаси ва замонавий тўқимачилик ускуналари ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялар ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Сурат манбаи: http://uza.uz/en/society/a-festival-of-cultures-and-traditions-12.05.2014-4092