Ўзбекистон делегацияси Тошкент – Тамчи биринчи мавсумий чартер рейсининг очилишида иштирок этди

Дата: 21:34, 05-07-2017.

Тошкент. 5 июл. ЎзТАГ – 4 июл куни “Тошкент – Тамчи – Тошкент” йўналиши бўйлаб биринчи мавсумий чартер рейсининг амалга оширилишида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақида чоршанба куни Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“Тамчи шаҳрига ташриф доирасида Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Динара Кемелова бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди”, - дейилади хабарда.

Д.Кемелова “Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва янада мустаҳкамлаш Қирғизистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий йуналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу ёндашув сўнгги вақтларда бўлиб ўтган барча юқори ва олий даражалардаги, жумладан Андижон, Фарғона, Жалолобод, Ўш шаҳарларида чегарадош вилоятлар вакиллари ўртасидаги учрашувлар мобайнида яққол намоён бўлди” дея алоҳида таъкидлади.

“Қайд этилганидек, икки томон муносабатларининг бугунги кунда эришилган даражаси 2016 йил 24 декабрда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувнинг натижаси ҳисобланади. Мазкур учрашув икки қўшни давлат ва халқларнинг янада фаровонлигини учун қалин алоқа ва ўзаро ёрдам муносабатларига янгича тус берди”, - дейилади ТИВ хабарида.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Қирғизистон Савдо-саноат палатасининг катта вице-президенти Амагенлди Давлетов ва маданият, ахборот ва туризм вазири ўринбосари Азамат Жаманқулов билан музокаралар ўтказди. Музокаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлнатиришнинг аниқ йуналишилари муҳокама қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: