Ўзбекистон делегацияси Уммондаги транспорт коридори бўйича учрашувда иштирок этади

Дата: 00:25, 05-08-2014.

Тошкент. 5 август. ЎзТАГ – 2014 йил 6 августда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Уммон Султонлигидаги Ўзбекистон - Туркманистон - Эрон - Уммон транспорт коридорини яратишга доир учрашувда иштирок этади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ТИВдан хабар қилишларича, учрашув Уммондаги Маскат шаҳрида ўтказилади.

Ўзбек томонининг фикрига кўра, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг Эроннинг жанубий портлари билан темир йўл алоқасининг йўлга қўйиши Форс ва Уммон корфази давлатлари ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида муҳим боғловчи тармоқни яратишга кўмаклашади.

Экспертларнинг маълумотларига кўра, ушбу лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши ҳудудлар мамлакатлари орасида савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтиришга имкон беради.

Собиқ Иттифоқ тарқалганидан кейин дунёда денгизга чиқиш йўллари бўлмаган мамлакатлар сони 29 тага етди. Ўзбекистон эса океанга чиқишдан камида икки давлат ҳудуди билан тўсилган дунёдаги икки мамлакатдан биридир.

Лойиҳанинг муҳимлиги ҳақида Тошкентда июл охирида бўлиб ўтган ўзбек-туркман ҳукуматлараро комиссияси мажлисида ҳам гапирилди.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон - Туркманистон - Эрон - Уммон - Қатардан Форс корфазининг бошқа мамлакатларига томон транспорт коридори очиш ғояси Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан 2010 йил октябрда Ашхабодга расмий ташриф доирасида ўртага ташланган эди.

Кейинчалик, 2011 йилнинг 25 апрелида Ашхабодда ташқи ишлар вазирларининг тўрттомонлама йиғилишида Ўзбекистон - Туркманистон - Эрон - Уммон темир йўл транспорт коридорини йўлга қўйиш ҳақида келишув имзоланган эди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: