Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда иккита учрашув ўтказди
Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – 15 мартда Бош вазир ўринбосари Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Вашингтонга (АҚШ) амалий ташрифи бошланди. Делегация АҚШга БМТ Аёлларнинг аҳволи бўйича қўмитасининг 62-сессиясида иштирок этиш учун келган, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
“Ташриф доирасида делегациянинг Меҳнат вазирлиги вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди, унда Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқларини яхшилаш бўйича республиканинг тегишли халқаро ташкилотлар билан конструктив ўзбек-америка ҳамкорлиги ва алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, америка томони давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган беш йиллик Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти, мамлакат суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёни, ички ислоҳотларнинг бориши, республика меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш, аёллар ҳуқуқларини таъминлашда мамлакатнинг тараққиёти таништирилди.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай шароит ва имкониятлар яратишга қаратилган ташаббусларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аёлларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, АҚШ Меҳнат вазирлигининг Халқаро Меҳнат ишлари бўйича департаменти Болалар ва мажбурий меҳнат ва одам савдоси бўйича бюроси директори Марсия Южинио 2017 йилда Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнатини бартараф қилишда “сезиларли силжиш”ни қайд этди. У Ўзбекистон ҳукумати томонидан мажбурий меҳнатни йўқ қилиш бўйича ҳал қилувчи қадамларнинг шаффофлигини юқори баҳолади.
“Халқаро Меҳнат ташкилотининг Вашингтон ваколатхонаси директори Кевин Кассиди билан учрашув чоғида ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида атрофлича алмашинди. Кевин Кассиди халқаро нодавлат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтиришни ишларини маъқуллади. Унинг сўзларига кўра, бу Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нозик масалалар бўйича халқаро ҳамкорликка очиқлигини кўрсатишга имкон беради.
Музокаралар якунида 2018 йилда Кевин Кассидининг Ўзбекистонда ташрифини ташкил қилиш ва 2018 йил ноябрда ХМТ томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этиладиган “давра суҳбати”да иштироки ҳақида келишувга эришилди.
Сурат манбаи: из открытых источников