Ўзбекистон делегацияси Жаҳон банки вице-президенти билан учрашув ўтказди

Дата: 16:08, 16-10-2017.

Тошкент. 16 октябр. ЎзТАГ – 14 октябрда Вашингтонда ўтказилаётган Халқаро Валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг кузги сессия давомида Ўзбекистон делегацияси Жаҳон Банки Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер билан учрашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, икки томон вакиллари музокараларда ҳамкорликнинг устувор йўналишларини ривожлантириш борасида фикр алмашганлар.

Республикада энергетика, ирригация ва коммунал тармоқлар бўйича янги лойиҳаларни жорий этиш, шунингдек, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаларни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича хамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилган.

Жаҳон Банки вице-президенти жорий йил 20 сентябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Жаҳон Банки президентининг учрашувини эслаб ўтиб, унинг аҳамиятини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистонда кичик бизнесни тезкор ривожлантириш, банк молия тизимини такомиллаштириш, қулай сармоявий муҳитни шакллантиришни таъминлаш бўйича чоралар мамлакатда тадбиркорлик тараққийсига хизмат қилиши таъкидланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: