Ўзбекистон Дин ишлар қўмитаси раиси Ватикан элчиси билан учрашди
Тошкент. 6 май. ЎзТАГ - Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Ортиқ Юсупов Ватикан Давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Иван Юркович билан учрашув ўтказди, дея хабар қилади 12news.uz нашри.
Қўмита матбуот хизмати маълумотларига кўра, жаноб Элчи католик черковининг ишга тушиши муносабати билан Урганч шаҳрига борганлиги ва бу ердаги аҳолининг аҳил ва иноқлигидан қувонганлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ташриф унга жойлардаги маҳаллий ҳокимият идоралари вакиллари, диндорлар билан яқиндан танишишга имкон берган.
Имкониятдан фойдаланган ҳолда И. Юркович нафақат католикларнинг байрамлари, балки бошқа дунёвий ва диний байрамлар ҳамда тадбирлар, шу жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита иштирокида ташкил этиладиган йирик тадбирларда иштирок этишдан мамнун бўлишини баён қилган.
Шунинг билан бирга, О. Юсупов кейинги сафар бўлажак тадбирларда иштирок этиш билан биргаликда Тошкент Ислом университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан алоҳида учрашув ўтказиш мумкинлигини ҳам билдириб ўтди. Учрашув самимий, дўстона руҳда ўтди, деб ёзади нашр.


