Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси “Ислом давлати”нинг хавфлилиги ҳақида огоҳлантирди

Дата: 15:31, 07-11-2014.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари қўмитаси “Ислом давлати” террористик ташкилотидан келадиган хавфлар ҳақида огоҳлантирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Халифалик” давлати номи остида бошқарилаётган бу куч ўзини гўёки ислом тартиб қоидаларини “тўлиқ” амалга ошириш ниқоби остида ислом таълимотларига зид ишларни  қилмоқда. Ерлик аҳолини сота “халифа”га қасамёд қилишга мажбурланмоқда. Террорчилар эгаллаб олган ҳудудларда истиқомат қилаётган бошқа дин вакилларига ўлим таҳдиди остида ҳар ой 250 АҚШ доллари миқдорида солиқ (жизя) тўлаш қўйилмоқда. Ироқнинг Мовсул шаҳридаги XI-XIII асрга мансуб ўнлаб масжид ва зиёратгоҳлар террорчилар  томонидан бузиб ташланди. Бугунги кунда мазкур террористик ташкилот мингдан ортиқ шиа, христиан ва язидий эътиқодида бўлган кишиларни қатл қилди. Қўлга олинган шаҳарлардаги бир қанча аёллар ва болалар гаровда ушлаб келинмоқда. Минглаб оилалар тажавузкорлик  оқибатида ўз уйларини ташлаб чиқиб кетмоқдалар”, – дейилади Қўмита хабарида.

Қўмита маълумотларига кўра, террорчилар ўзларининг сафларини кенгайтириш мақсадида кенг кўламли тарғибот ишларни йўлга қўйишган. Жумладан, пушту ва афғон тилларида ҳижрат ва жиҳод каби экстремистик ғоялар билан йўғрилган материалларни тарқатганлар. Интернет тармоғида жангариларни сафини кенгайтиришга қаратилган харакатлар олиб борилмоқда. Дунёдаги етакчи уламолар ИШИД аъзолари хунрезликларини ва “халифалик” эълон қилинишини қаттиқ қораламоқда. Жумладан, Дунё мусулмон уламолари кенгаши ташкилоти ИШИД эълон қилган “халифаликни” кескин қоралаб, уни шаръан ботил деб фатво берди. Фатвода Ислом таълимотига кўра қандайдир алоҳида фирқа ва оқимлар ўзбошимчалик билан “халифалик”ни  эълон қилиш ҳуқуқи берилмагани таъкидланган.

“Таъкидлаш жоизки, Қуръони карим маъноларини ўз манфаатларидан келиб чиқиб талқин қилган ҳолда ўз сафларига янада кўплаб кишиларни жалб қилишга уринмоқдалар. Бугунда ушбу террористик гуруҳлар сафида дунёнинг 80 мамлакатига мансуб жангарилар, - шу жумладан, Марказий Осиё республикаларидан, - мавжуд. Ҳеч ким улар эртага келиб янги барқарорсизлантирувчи омилларнининг ташаббускорига айланмаслигига кафолат бермайди”, – дейилади Қўмита хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: