Ўзбекистон дунёнинг фаровон мамлакатлари рейтингида 57-ўринни олди

Дата: 17:50, 04-11-2014.

Тошкент. 4 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон нуфузли британ таҳлилий институти Legatum Institute (Legatum халқаро инвестиция гуруҳининг бўлими) томонидан тайёрланган дунёнинг фаровон мамлакатлари рейтингида (2014 Prosperity Index) 57-ўринни олди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Собиқ Совет ҳудуди мамлакатлари орасида Эстония (32-ўрин), Литва (42), Латвия (44), Беларусия (53) ва Қозоғистон (55) Ўзбекистондан юқори ўринларни эгаллади. Қизиғи мамлакатнинг энг йирик шимолий қўшниси ўтган йилги рейтинг билан солиштирганда 8 поғона пастлади.

Ўзбекистондан қуйида Украина (63), Россия (68), Қирғизистон (74), Озарбайжон (79), Грузия (80), Молдавия (89), Тожикистон (94) ва Арманистон (95) каби мамлакатлар жойлашган.

Дунёнинг энг фаровон мамлакати Норвегия бўлиб чиқди (1), кейинги ўринларда Швейцария (2), Янги Зеландия (3) бормоқда. Рейтингнинг энг қуйисида Конго Демократик Республикаси (140), Чад (141) ва Марказий Африка Республикаси (142) жойлашган.

Маълумот ўрнида Legatum Institute ҳисоб китоблари иқтисодиётнинг кучи, миллий соғлиқни сақлаш ва таълим тизимининг ҳолати, фуқароларнинг хавфсизлиги, ижтимоий эркинликлар, ишбилармонлик муҳити, давлат бошқаруви тизимининг сифати кабиларни ҳисобга олади.

Эслатиб ўтамизки, ўтган йилги рейтингга қараганда Ўзбекистон 7 поғонага кўтарилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: