Ўзбекистон экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш бўйича янги завод қурилишига $29 млн ажратади
Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш бўйича янги завод қурилишига доир лойиҳани амалга ошириш бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ҳукумат қарорига асосланган ҳолда.
“Лойиҳанинг умумий қиймати $29 млнга тенг. Завод 2017 йилда фойдаланишга топширилади. У Янгиердаги “Ўзбекистон темир йўллари” тепловоз депоси базасида жойлашади”, - деб таъкидланади хужжат матнида.
Ўзбекистон Миллий темир йўл ташувчиси 2016 йил 1 декабргача лойиҳанинг техник-иқтисодий асосномасини ишлаб чиқишни якунлаши ва уни тасдиқлаш учун ҳукуматга киритиши зарур.
Давлат раҳбари лойиҳани амалга оширувчи ширкатларга қатор имтиёз ва енгилликлар ҳам берди.
Масалан, қурилиш-монтаж ишлари қўшимча қиймат солиғи тўлашдан, шунингдек, Республика йўл жамғармаси ва Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббий муассасаларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий тўловлардан озод қилинган.
Бундан ташқари, янги завод қурилиши учун олиб келинадиган республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмлар, технологик асбоблар партияси божхона тўловларидан озод этилган.