Ўзбекистон энг кўп тарқалган касалликлар билан хасталаниш ҳолатларини ўртача 50% пасайтирди

Дата: 15:15, 12-02-2016.

Тошкент. 12 феврал. ЎзТАГ – Мустақиллик йиларида Ўзбекистон энг кўп тарқалган касалликлар билан хасталаниш ҳолатларини ўртача 50% пасайтирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишидаги чиқишига асосланган ҳолда.

“Илгари бугунгидай замонавий сузиш ҳавзалари, теннис кортлари ёки гимнастика заллари етти ухлаб тушимизга ҳам кирмас эди. Мисол учун, сузиш деганда, ариқ ёки каналларда, оддий санитария талабларига ҳам жавоб бермайдиган лойқа сув ва ҳовузларда чўмилишни тасаввур қилар эдик. Бунинг оқибатида республикамиз аҳолиси, энг ёмони, болалар ўртасида оғир касалликлар ниҳоятда кўпайиб кетгани, оналар ва болалар ўлими бўйича Ўзбекистон собиқ иттифоқда энг олдинги ўринларда тургани ҳам кечаги тарихимиздан яхши маълум”, - деб таъкидлади Ислом Каримов.

Президентнинг сўзларига кўра, мустабид тузумдан мерос бўлиб қолган ана шундай оғир вазият туфайли 2000 йилда ҳар 100 минг боланинг 6 мингга яқини ўткир респираторли вирусли инфекцияларга, 576 таси пневмония, 449 таси бронхит, 310 таси сколиоз касаллигига чалинган эди.

Кейинги йилларда болалар спортини тизимли асосда ривожлантириш бўйича амалга оширган ишлар натижасида бугунги кунга келиб спорт билан шуғулланадиган 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўткир респираторли вирусли инфекциялар билан касалланиш 47,3%, пневмония бўйича 55,6, бронхит бўйича 61,7, сколиоз бўйича 45,5% камайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: