Ўзбекистон “Энг тез ривожланаётган туристик йўналиш” номинациясига ғолиб бўлди

Дата: 17:31, 22-02-2019.

Тошкент. 22 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон “Энг тез ривожланаётган туристик йўналиш” (Тор emerging destination) номинациясига ғолиб бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Лондоннинг Olympia кўргазма марказида сайёҳлик янгиликларига ихтисослашган Wanderlust британ журналининг туризм соҳасида Wanderlust World Guide Awards мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, тадбирга тайёргарлик кўриш доирасида журнал ўз ўқувчиларига “Ташриф буюриш учун энг оммабоп мамлакат”, “Тез ривожланаётган сайёҳлик йўналиши”, “Сайёҳлар учун энг машҳур шаҳар”, “Энг яхши авиакомпания”, “Энг яхши сайёҳлик оператори” ва бошқаларни аниқлаш учун сўров йўли билан конкурс ташкил қилган.

“Ўзбекистон “Энг тез ривожланаётган сайёҳлик йўналиши” (Тор emerging destination) номинациясида ғолиб деб топилди. Тадбир ташкилотчиларининг фикрига кўра, овоз бериш чоғида Ўзбекистон Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг бой маданий ва тарихий мероси, сайёҳлик бозорини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли Эронни (ўтган йилги ғолиб) ортда қолдиришга муваффақ бўлди”, - дейилади қўмита хабарида.

Журнал 2020 йилда 45 мамлакат, шу жумладан, Буюк Британия фуқаролар учун 30 кунгача визаларни бекор қилиш ҳақидаги қарор асосида Ўзбекистон энг кўп ташриф буюрилган давлатлар қаторига кириши мумкинлигини қайд этди.

Бундан ташқари, 2019 йилда турли номинациялар бўйича Намибия, Япония, Янги Зеландия, Эрон, Лаос, Сингапур, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия ва Испания ғолиб бўлди.

Сурат манбаи: eastroute.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: