Ўзбекистон енгил саноати корхоналари 75 турдаги янги маҳсулотларни ўзлаштирдилар
Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – 2015 йилда Ўзбекистон енгил саноати корхоналари 75 турдаги янги маҳсулотларни ўзлаштирдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“2015 йил якунларига кўра, ушбу корхоналар қиймати 3 трлн сўмдан ортиқ саноат маҳсулотлари, 1 трлн сўмлик халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарди. Умуман, ўтган йили соҳа корхоналари 188 турдаги енгил саноат товарлари ишлаб чиқарилди”, - деб таъкидлашди “Ўзбекенгилсаноат”да.
Соҳада миллий белгиларга эга бўлган маҳсулотлари ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакат ҳудудлари ва пойтахтда “Ўзбекенгилсаноат” корхоналарига қарашли дўконларда миллий рамзларга эга кундалик кийимлар, спорт формаси, рўзғорга керакли тўқимачилик буюмлари, пайпоқ ва бошқа турли маҳсулотларни арзон нархларда харид қилиш мумкин.
Замонавий либослар яратиш учун хорижлик дизайнерларни жалб қилиш ва кейинчалик уларни мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида ҳам ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда “Ўзбекенгилсаноат” АЖ Ўзбекистон дизайнерлари ва хорижий давлатлардаги етакчи мода ҳамда дизайн мактаблари вакиллари иштирокида “Мода ва дизайн – 2015” халқаро фестивали ташкил этилди. Унда Италия, Франция, Япония, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардан жаҳон мода саноати вакиллари қатнашди. Фестиваль доирасида «Ўзбекенгилсаноат» корхоналарининг 160 дан ортиқ дизайнерлари ва мамлакатимизнинг таниқли дизайнерлик гуруҳлари томонидан яратилган либослар намойиш этилди.