Ўзбекистон енгил саноати маҳсулотлари экспорти $1 млрддан ошди
Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – 2015 якунлари бўйича Ўзбекистон енгил саноати маҳсулотлари экспорти $1 млрддан ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўтган даврда экспортчи корхоналар сони 254 тага етди ва бу “Ўзбекенгилсаноат” корхоналари умумий сонининг 89%ни ташкил қилади. Мисол учун, ўтган йилнинг январь-декабрь ойларида соҳа корхоналари экспорт қилаётган маҳсулотлар таркибига бамбукли, модаль ва аралаш калава, жаккард ва рингел мато, янги тур ва моделдаги, турли расмлар солинган тайёр тикувчилик-трикотаж буюмлари киритилди”, деб таъкидлашди “Ўзбекенгилсаноат”да.
Айни пайтда умумий экспорт ҳажмида юқори қўшимча қийматга эга товарлар улуши 40%га етди.
Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ташқи савдо компаниялари билан биргаликдаги ишлар натижасида жаҳон бозорида тўқимачилик ҳамда тикувчилик-трикотаж маҳсулотларига бўлган талаб инобатга олинган ҳолда, экспорт кўламини кенгайтириш ишлари амалга оширилаётир. Ташқи савдо бозорларини диверсификация қилиш, экспорт қилинадиган товарлар турини кенгайтириш мақсадида соҳа корхоналари Хитой, Россия, Беларусь, Латвия, Корея Республикаси, Германия ва бошқа давлатларда ўтказилган халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-ярмаркаларда иштирок этди.
Бугунги кунда тўқимачилик маҳсулотлари дунёнинг 55 ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда. 2015 йилда маҳсулотларимизни Колумбия, Бразилия, Сальвадор, Покистон, Хорватия, Нигерия ва бошқа мамлакатларга етказиб бериш йўлга қўйилди.