Ўзбекистон Епархияси болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича акция ўтказмоқда
Тошкент. 8 июл. ЎзТАГ – 2014 йилнинг 6-8 июл кунлари Тошкент ва Ўзбекистон Епархияси томонидан “Оқ гулча” номли ҳайрия акцияси ўтказилмоқда. Тадбир Россияда 8 июл куни нишонланадиган Оила, муҳаббат ва садоқат кунига бағишланган. Акцияни ўтказишдан мақсад – Тошкент Гематология ва қон қуйиш илмий тадқиқот институтида даволанаётган болаларга дорилар олиш учун маблағ йиғишдан иборат, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ)
Акция доирасида “Қўлларимиз тафти” муаллифлик буюмларининг ҳайрия ярмаркаси ташкил этилган. Кўргазмада ўйинчоқлар, аксессуарлар, безаклар, декор буюмлари, пишириқлар ва бошқалар тақдим этилмоқда. Уларни сотишдан тушган маблағ гематологик касалликлардан азият чекаётган болаларга ёрдам учун сарфланади.
Акция доирасида болаларга кўнгилли равишда қон топшириш учун анкеталар ҳам йиғилмоқда. Бундан ташқари, болалар учун ўзбек ва рус тилларидаги китоблар ҳам қабул қилинмоқда.
Тадбир доирасида кафедрал соборга экскурсия ҳам ташкил этилган.