Ўзбекистон ExxonMobil компаниясини ўз лойиҳаларига жалб қилиш ниятида

Дата: 17:21, 11-10-2017.

Тошкент. 11 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ExxonMobil компаниясини ўз лойиҳаларига жалб қилиш ниятида. Бу ҳақида Neftegaz.RU “Ўзбекнефтегаз” МХКга асосланган ҳолда маълум қилди, деб хабар беради ЎзТАГ.

Бўлажак ҳамкорликка доир бошланғич келишувларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 18-20 сентябр кунлари АҚШга сафари давомида эришилган эди.

Ҳозирда ExxonMobil билан музокаралар бошланғич босқичда.

Ўзбекистон ExxonMobilни нефть-газ конларида геология қидирув ишларига жалб этишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ExxonMobilга қазиш ҳажми тушиб кетаётган конларда нефть ва газ қазиб олишни кўпайтириш бўйича лойиҳаларга жалб қилишни кўзламоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати нефтни қайта ишлаш заводлари қошидаги базалардан бирида мамлакат енгил саноати учун полиэстер ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани тайёрламоқда.

2017 йил октябр-ноябрда ExxonMobil раҳбарияти Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштирилган бўлиб, унинг доирасида бўлажак ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланаши мумкин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: