Ўзбекистон ФҲДЁ бўлинмалари маҳаллий ҳокимият органларига бўйсиндирилади

Дата: 15:39, 05-02-2018.

Тошкент. 5 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлинмалари маҳаллий ҳокимият органларига бўйсиндирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Фармонга биноан 2018 йил 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилади. Оила ва хотин-қизлар масалаларида тизимли ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ФҲДЁ органи, “Оила” марказининг туман (шаҳар) бўлими ҳамда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича бошқа тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига шарҳда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Тадбиркор аёл” уюшмасининг оила ва хотин-қизлар масалаларига оид фаоллигини эътироф этган ҳолда, Фармонда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу жамоат фондининг асосий вазифаси оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларига кўмаклашиш ҳисобланади.

Фармонда кўзда тутилган яна бир муҳим масалалардан бири бу оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида “аёллар маслаҳатхоналари”ни ташкил этиш бўлиб, бу маслаҳатхоналар бевосита жойларда ўсмир қизлар ва фертиль ёшидаги аёлларга зарур маслаҳатларни беради. 

Сурат манбаи: http://www.zerkalo.az/2013/snachala-k-vrachu-potom-v-zags/

Янгилик билан ўртоқлашиш: