Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари бир ёшли болани газ плитаси ёқилган уйдан қутқариб олишди

Дата: 14:32, 17-07-2017.

Нукус. 17 июл. ЎзТАГ – Нукуслик қутқарувчилар уйида бир ёшли боласи қолиб кетган аёлга тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида эшикни бузиб очишларига тўғри келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор навбатчисига аёлнинг қўшниси томонидан хабар келиб тушди. Унга кўра, ушбу фуқаронинг темир эшиги қулфланиб, бир яшар фарзанди уйда ёлғиз қолганлиги ҳамда газ плитаси ёниқ ҳолатда бўлган.

Қутқарув отряди қутқарувчилари воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, махсус асбоб-анжомлар ёрдамида темир эшикни очишди. Бу орқали, юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазият бартараф этилди ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Хонадон эгасига келгусида ҳушёр бўлиш кераклиги юзасидан маслаҳат берилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: