Ўзбекистон фермерлари 1,5 млн тонна маҳсулот етказиб берадилар

Дата: 17:56, 17-05-2016.

Тошкент. 17 май. ЎзТАГ – Жорий йилнинг 10 май холатига кўра Ўзбекистонда жами 1 млн 567 минг тонна мева, сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномалар тузилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шу жумладан, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси (ХК) таркиби кирувчи корхоналар ва фермер хўжаликлари ўртасида 906 минг тонна маҳсулотга шартномалар, ихтисослашган “Ўзагроэкспорт” компанияси томонидан 495 минг тонна маҳсулотга келишувлар имзоланди.

Ушбу маълумотлар “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК томонидан озиқ-овқат саноатини ривожлантириш ва модернизация қилишга бағишланган матбуот анжуманда очиқланди.

Мамлакат президентининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясига айлантирилгани таъкидланди.

“2016-2020 йилларда хом-ашё базасини ривожлантириш, мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, жами $596 млнлик 180та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Булардан хорижий инвестициялар ва халқаро молия ташкилотларининг кредитлари ҳисобига 74 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, бунга $596 млн миқдоридаги маблағлар жалб этилиши белгиланган.

Бундан ташқари, 2016 йилда амалга оширилиши бошланаётган, қиймати $428,7 млнлик 108 лойиҳа бўйича белгиланган ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 21 та лойиҳа бўйича лойиҳа-смета хужжатлари ишлаб чиқилмоқда, 12 та лойиҳа бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан ер майдонлари ажратилган, 22 та лойиҳа ташаббускорлари томонидан қурилиш ишлари амалга оширилмоқда, 23 та лойиҳа бўйича молиялаштириш бошланган, 17 та лойиҳада ускуналарни танлаш ва уларни олиб келиш учун шартномалар тузиш ишлари амалга ошириляпти.

Шунингдек, қарорда мамлакат ҳудудларида мева-сабзовотларни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган савдо логистика марказларини ташкил қилиш режалаштирилган.

Хужжатга мувофиқ, ихтисослаштирилган “Ўзагроэкспорт” ташқи савдо компанияси ташкил этилмоқда. Унинг томонидан жорий йилнинг 11-май ҳолатига кўра ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича хорижий шериклар ва тайёрлов корхоналари билан жами 176та $1,374 млрд қийматидаги узоқ ва қисқа муддатли комиссия шартномалари имзоланиши таъминланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: