Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистондаги йирик йўл транспорт ҳодисасида жароҳатланди, 9 Қирғизистон фуқароси нобуд бўлди
Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидан ўтувчи Алмати-Тошкент автомобиль йўлининг 175-кмда икки автобуснинг тўқнашиб кетиши натижасида 11 киши жабр кўрди, 9 киши нобуд бўлди, дея хабар беради ҚР ФВВ матбуот хизмати.
“2 март 21.40да Алмати-Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланаётган VanHool пассажир автобуси (автобусда 2 ҳайдовчи ва 53 йўловчи бўлган) ва Қирғизистон Республикасига тегишли Mercedes микроавтобуси (йўловчилар сони аниқлаштирилмоқда) ўртасида тўқнашув содир бўлди”, дейилади ФВВ хабарида.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса жойида Қирғизистон фуқаролари бўлган микроавтобус ҳайдовчиси ва 8 пассажир нобуд бўлган. 11 йўловчи эса турли даражадаги тан жароҳати олган, улар орасида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари бор. 7 йўловчининг шахси аниқланмоқда.
Авария оқибатларини бартараф этишга олти киши ва битта ўт ўчириш хизмати техникаси жалб этилган, уларга тиббий қутқариш пунктининг уч ходими ёрдам бермоқда.