Ўзбекистон фуқароларига қиймати 100 млн сўмлик 27 квартира ноқонуний равишда сотиб юборилди - Бош прокуратура
Тошкент. 4 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон фуқароларига қиймати 100 млн сўмлик 27 квартира ноқонуний равишда сотиб юборилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Бош прокуратуранинг матбуот хизматига таянган ҳолда.
Хусусан, Бош прокуратуранинг Транспорт, қурилиш соҳаси ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси 2018 йилнинг апрел ойида Сергели туманида жойлашган ётоқхоналардан бирида яшовчи фуқаролар қабул қилинди.
“Аниқланишича, фуқаро А.Т. “Nova Universal” МЧЖ раҳбари бўла туриб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ балансида бўлган 9 қаватли ётоқхона биносини замонавий меҳмонхона мажмуаси қуриш учун 300 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан тендер танловида “нол” қийматда сотиб олган. “Nova Universal” МЧЖ ва Давлат мулк қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси ўртасида 15.09.2005 йилда ётоқхона биносининг олди-сотди шартномаси тузилган. А.Т. инвестиция мажбуриятларини бажарганлиги ҳақида ҳужжатларни сохталаштириб, 08.01.2007 йилда бинога эгалик ҳуқуқини берувчи 2-сонли давлат ордерини олган”, - деб таъкидланади хабарда.
Шундан сўнг, А.Т. ушбу ётоқхонанинг уй-жой фондига киритилмаган 27 та хонадонни фуқароларга ҳужжатларини кейинчалик тегишли тартибда расмийлаштиришга ваъда бериб, 103416000 сўмга сотиб юборган. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 04.04.2011 йилдаги ҳукмига кўра, А.Т. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а,в” бандлари (“Фирибгарлик” - ЎзТАГ) ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд ҳукми билан судланувчидан жабрланувчилар фойдасига 103416000 сўм зарар суммаси ундирилган. Бироқ, жабрланувчилар олинган хонадонларга нисбатан мулк ҳуқуқини қонунийлаштиришни талаб қилиб, ушбу пул маблағини олишни рад этган.
“Бош прокуратура аралашувидан сўнг қайд этилган оилаларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: http://belrynok.ru/o-sporte/page/1013/