Ўзбекистон фуқароларига валютани бозор курсида алмаштиришга рухсат берилди

Дата: 14:29, 04-09-2017.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича дастлабки чоралар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга мувофиқ, фуқаролар валютани бозор курсида алмаштиришлари мумкин.

ЎзР. президенти сайтида чоп этилган хужжатда айтилишича, 5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари валюта алмаштириш шохобчаларида хорижий валютани бозор курсида сотишлари ва хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланишлари учун уларни корверсион карталарга харид қилишлари мумкин.

“Биринчидан – юридик ва жисмоний шахсларнинг хорижий валюталарни харид қилиш ва сотишларига ва ўз валюта маблағларини ўз ихтиёрларича сарф қилишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишни тўлиқ таъминлансин”, - дейилади хужжат матнида.

Шунингдек, кўрсатилган санадан бошлаб Ўзбекистон юридик шахслари жорий халқаро операциялар (импорт товарлар, ишлар ва хизматлар, даромадларни репатриация қилиш, кредитларни қоплаш, хизмат сафарлари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо хусусиятига эга бўлмаган пул ўтказмалари) бўйича тўловларни амалга ошириш учун тижорат банкларидан хорижий валюталарни чекловларсиз харид қилишлари мумкин.

Юридик шахс ташкил этмасдан истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларга хорижий валютани жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда банк ҳисоб рақамлари орқали сотиб олишга ижозат берилди.

Айни пайтда Ўзбекистон Президенти хорижий валютада даромад олувчи экспортёрларга уларнинг мулк шаклидан қатъи назар, фойдани мажбурий сотиш тартибини бекор қилди.

Бундан ташқари, валютада даромад кўрувчи юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, фермер хўжаликлари ўз банк ҳисоб рақамларидан нақд пулда хорижий валютани ечиб олишлари мумкин.

Шу билан бирга, президент халқаро амалиётга мувофиқ равишда халқаро пластик карталар ёрдамида тўловларни амалга оширишни истисно қилган ҳолда товарлар, ишлар ва хизматлар учун хорижий валютада тўловларни амалга оширишни таъқиқлаб қўйди.

Маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар нархлари ва тарифлари, шунингдек жамиятлар устав капиталининг энг кам миқдорлари эндиликда фақатгина миллий валютада белгиланади.

Давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар, консуллик йиғимларидан ташқари, фақатгина миллий валютада қабул қилинади.

Хужжатга мувофиқ, миллий валютани хорижий валютага нисбатан курсини белгилашда фақат бозор механизмларидан фойдаланилади.

Эндиликда тижорат банклари хорижий валютани сотиш ва сотиб олишда фойда фоизларини мустақил равишда ўрнатадилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: