Ўзбекистон фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 139 мингдан ортиқ ишлар кўриб чиқилди

Дата: 17:55, 03-08-2016.

Тошкент. 3 август. ЎзТАГ – 2016 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 139 мингдан ортиқ ишлар кўриб чиқилди. Уларнинг 87,9% бўйича қарорлар чиқарилди, 88,5% бўйича талаблар қондирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида умумий юрисдикция судларининг фаолияти натижаларига бағишланган кенгайтирилган раёсат йиғилишида келтириб ўтилди.

Жиноят ишлари бўйича судларнинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлилига қараганда, айрим жиноят турлари, хусусан, ўғрилик, қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, йўл-транспорт ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш, транспорт воситасини олиб қочиш, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, безорилик каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари 2015 йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайган.

Жорий йилнинг ўтган ярим йилида судлар томонидан ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 6 минг 934 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди. Ҳисобот даврида 150 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган 2 минг 872 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 197 минг 607 нафар шахсга нисбатан 158 мингдан зиёд маъмурий иш кўриб чиқилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: