Ўзбекистон фуқароси Таиландда ФҚБ сўровига кўра хибсга олинди

Дата: 15:51, 22-07-2016.

Тошкент. 22 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон фуқароси Таиландда ФРБ сўровига кўра хибсга олинди, деб хабар қилади Россия ОАВ.

“Таиландда ФҚБ сўровига биноан 44 ёшли Россия фуқароси Дмитрий Украинский ва 25 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ольга Комова қўлга олинди. Улар бир неча мамлакат фуқароларининг банк ҳисобларидан $28,5 млн ўғирлаганликда айбланмоқда”, - деб хабар беради Вести.ru маҳаллий The Nation газетасига асосланган ҳолда.

Таъкидланишича, Украинский Патайяда ушланган бўлиб, у бу ерда сайёҳларга яхталарни ижарага берувчи бир неча ширкатларни бошқарган.

Таиланд полицияси вакилининг хабар беришича, қўлга олинганлар электрон почта орқали зиён етказувчи дастурий таъминотни юбориш билан шуғулланган, бу эса уларга АҚШ, Австралия, Япония, Буюк Британия, Италия ва Германиядаги банк ҳисоб рақамларига оид маълумотларга эгалик қилишга имкон берган.

РИА Новости маълумотларига кўра, ФҚБ Таиланд ҳудудида амалга оширилган транзакцияларни кузатишга муваффақ бўлган ва уларни қўлга олган.

Россиянинг Бангкокдаги элчихонаси пайшанба куни россияликнинг Таиландда ФҚБ сўровига кўра ушланганлигини тасдиқлади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ТИВ мамлакат фуқароси Ольга Комованинг АҚШ ФҚБ сўровига кўра Тайландда ушланганига оид расмий маълумотга эга эмас. “Биз бу ҳақида маълумотга эга эмасмиз”, - деди агентликка матбуот хизмати вакили.

Янгилик билан ўртоқлашиш: