Ўзбекистон футбол бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпионатини ўтказишга даъвогарлик қилмоқда

Дата: 12:53, 17-09-2014.

Тошкент. 17 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон футбол бўйича ёшлар ўртасида (U-22) 2016 йилги Осиё чемпионатининг финалини ўтказишга даъвогарлик қилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Осиё футбол конфедерацияси ушбу турнирни ўтказиш учун зарур шароитлар билан танишиш мақсадида Тошкентга миллий терма жамоалар мусобақаларини ўтказиш бўйича департамент менежери Гохон Суминори, шунингдек, медиа ва коммуникация департаменти раҳбари Четан Кулькарнини жўнатади. ОФК вакилларининг текширув ташрифи жорий йилнинг 22-24 сентябр кунлари бўлиб ўтади. Ташриф давомида улар “Бунёдкор”, “Пахтакор”, “ЖАР” ва ТАТУ стадионлари, шунингдек, “Рамада”, “Ўзбекистон”, “Дедеман Силк Роад”, “Сити Палас” ва “Интерконтиненталь” меҳмонхоналарини инспекция қиладилар”, - деб таъкидлашди Футбол федерацияси матбуот хизматида.

Ёшлар ўртасида футбол бўйича 2016 йилги Осиё чемпионатини ўтказиш жойи ОФКнинг жорий йил ноябрда ўтказиладиган навбатдаги йиғилиши давомида эълон қилинади. Уч энг яхши жамоаси Риодаги Олимпиадада қатнашадиган турнирни ўтказишга Қатар, Саудия Арабистони ва Эрон даъвогарлик қилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: