Ўзбекистон Футбол федерацияси президенти Марказий Осиё футбол ассоциацияси раҳбари этиб сайланди
Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Футбол федерацияси (ЎФФ) президенти Мираброр Усмонов Марказий Осиё футбол ассоциацияси (Central Asian Football Association) раҳбари этиб сайланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ЎФФ маълумотларига кўра, 2015 йилнинг 9 январида австралиянинг Мельбурн шаҳрида Осиё футбол конфедерациясининг (ОФК) навбатдан ташқари конгресси бўлиб ўтди. Унда ташкилот низомига баъзи ўзгартишлар киритилди. Уларга мувофиқ, ОФК аъзолари (47 федерация) 5 географик ҳудудга бўлиндилар ва қўшимча 5-ҳудуд - Марказий Осиё ҳудуди ташкил этилди.
ОФК низомининг 7 бандига мувофиқ, ОФК аъзолари Ғарб (Баҳрейн, Ироқ, Иордания, Қувайт, Ливан, Уммон, Фаластин, Қатар, Саудия Арабистони, Сурия, БАА), Жануб (Бангладеш, Бутан, Ҳиндистон, Мальдив ороллари, Непал, Покистон, Шри Ланка), АСЕАН (Австралия, Бруней, Камбожа, Шарқий Тимор, Индонезия, Лаос, Малайзия, Мьянма, Филиппин оролллари, Сингапур, Таиланд, Вьетнам), Шарқ (Хитой, Хитой Тайбейи, Шимолий Корея, Гуам, Гонконг, Япония, Корея, Макао, Монголия, Шимолий Мариан ороллари) ва Марказий Осиё (Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ҳудудларга бўлинади.
Эндиликда Марказий Осиё ҳудуди учун ОФК Ижроя қўмитасида 3 жой ажратилади.
ОФК ислоҳотлари доирасида Марказий Осиё футбол федерациялари вакиллари Қувайтда йиғилиб, Марказий Осиё футбол ассоциацияси қароргоҳи Тошкентда бўлишига келишдилар.


