Ўзбекистон Футбол федерацияси президенти Жассим бин Хамад бин Ҳалифа Ал Таний билан учрашди

Дата: 16:26, 19-10-2017.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов Қатар амирининг дипломатик масалалар ва спортни ривожлантириш бўйича бош маслаҳатчиси Жассим бин Ҳамад бин Ҳалифа ал Таний билан учрашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ЎФФ хабарига асосланган ҳолда.

“Учрашув чоғида томонлар икки мамлакат ўртасида футболни ривожлантириш бўйича амалга оширилиши кутилаётган лойиҳалар ҳақида ўзаро фикр алмашдилар. Умид Аҳмаджонов Жассим билан Ўзбекистонда замонавий талабларга жавоб берадиган “Aspire” болалар-ўсмирлар футбол академиясининг ваколатхонасини очиш масаласини муҳокама қилиб, ЎФФ бу борада Қатар билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, “Aspire” футбол таълимининг стандартлари бўйича дунёнинг энг яхши академияларидан бири саналади. Жаҳон футболининг афсоналари Пеле, Месси, Рауль ва Хави кабилар академиянинг халқаро ареналардаги элчиси сифатида фаолият юритадилар.

Спорт академияси 2004 йилда Қатар амирининг фармони билан асос солинган. Умид Аҳмаджоновнинг шайх Жассим билан учрашуви ЎФФ президентининг Қатарга расмий ташрифи доирасида амалга оширилаяпти. Ташриф доирасида ЎФФ президенти шайх Жассим раҳбарлик қиладиган “Aspire” академиясида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди. Умид Аҳмаджонов, шунингдек, “Aspetar” спорт тиббиёти маркази ва Қатар Футбол Уюшмаларида ҳам бўлиб, ташкилотларнинг бугунги кундаги фаолиятини кўздан кечирди, Қатар Футбол Федерацияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш маросимида иштирок этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: