Ўзбекистон футболининг янги логотипи халқ овози ёрдамида танлаб олинади

Дата: 15:30, 30-11-2017.

Тошкент. 30 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон футболининг рамзи бўладиган энг яхши логотип овоз бериш орқали танлаб олинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу мақсадда Digital Panda компанияси Ўзбекистон Футбол Федерацияси (ЎФФ) билан ҳамкорликда мамлакатнинг барча дизайнерлари учун танлов эълон қилади, деб хабар беради ЎФФ.

Танловнинг моҳияти шундаки, дизайнерлар ўзлари тайёрлаган логотип вариантлари тақдим этишлари мумкин, уларнинг энг яхшилари эса овоз бериш йўли орқали танланади.

Танлов 4 босқичдан иборат бўлади: дизайнерлик ишларини қабул қилиш, федерация мутахассислари ҳайъати томонидан шорт-лист учун материалларни танлаб олиш, махсус сайтда эълон қилиш ва мухлислар томонидан берилган овозлар орқали ғолибни аниқлаш.

Танловга келган эскизлар ичида энг яхшиларини одилона танлаб олиш учун барча дизайнерлик ишлари махсус сайтга жойлаб борилади. Овоз бериш натижалари барчага кўриниб туради.

Мухлислар сайтга кириб, рўйхатдан ўтган ва электрон манзилини тақдим этган ҳолда, ўзларига ёққан логотипга овоз беришлари мумкин бўлади. Ҳар бир мухлис битта овозга эга бўлади. Бу овоз бериш жараёнидаги шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: