Ўзбекистон футзал бўйича Осиё чемпионатининг кумуш совриндори бўлди

Дата: 11:02, 22-02-2016.

Тошкент. 22 феврал. ЎзТАГ – Кеча Тошкентда футзал бўйича 14- Осиё чемпионати якунданди. Унда Ўзбекистон термаси кумуш медалларни қўлга киритди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Турнир финалида Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг 10 карра чемпиони Эронга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Эронликлар ўйин бошидан ташаббусни қўлларига олдилар ва Рустам Умаров дарвозаси олдида кўплаб вазиятлар яратдилар. Аммо ўйиннинг 6-дақиқасида Дилшод Ирсалиев Эрон жамоаси дарвозасини ишғол қилди ва Ўзбекистон термасини олдинги олиб чиқди”, - деб таъкидлашди Футбол федерацияси матбуот хизматида.

Ўтказилиб юборилган голдан сўнг Эрон терма жамоаси агрессив ўйин кўрсата бошлади ва уч дақиқадан кейин Қудрат Баходирий 10 метродан кучли зарб билан Рустам Умаровга имконият қолдирмади – 1:1. 13 дақиқада эронликлар олдинга чиқиб олдилар. Тезкор урилган голга Муҳаммад Кешоварз муаллифлик қилди.

Эронликлар иккинчи голни урганда Ўзбекистон терма дарвозабони елкасидан жароҳат олиб, ўйинни давом эттира олмади. Кўплаб вазиятларга қарамай, биринчи тайм рақиб устунлигида якунланди.

Иккинчи таймда Эрон термаси ўн дақиқада кўплаб хавфли вазиятлар ярата олди, лекин заҳирадан кирган иккинчи дарвозабон Клим Тюгаев бир неча бор яхши ўйин кўрсатди. Ўйин Эроннинг минимал устунлигида якунланди. Муҳаммад Нозим Ал Шарийнинг жамоаси ўн биринчи бор қитъанинг энг кучли жамоаси эканлигини исботлади ва Осиё чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: