Ўзбекистон ФВВ Фуқаролик муҳофазаси институтида магистратура очилди

Дата: 18:01, 04-09-2017.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ФВВнинг Фуқаро муҳофазаси институтида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 5А640103 – “Фавқулодда вазиятларда аҳоли хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича магистратура босқичи очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ФВВ маълумотига кўра, магистратура босқичига қабул квотаси жами 25 та ўрин, шундан 8 та ўрин давлат гранти ва 17 та ўрин тўлов-контракт асосида белгиланган. Ҳужжатлар 1-10 сентябр кунлари давомида қабул қилинади, кириш синовлари 15 сентябр куни ўтказилади ҳамда ўқув йили 2017 йил 2 октябрдан бошланади.

Шунингдек, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўсиб келаётган авлодни касбга йўналтириш, уларга фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ҳамда фуқаро муҳофазаси соҳасидаги вазифаларни бажариш бўйича малака ва амалий кўникмаларни сингдириш мақсадида Андижон қурилиш ва транспорт, Самарқанд ахборот технологиялари, Олмазор политехника ҳамда Тошкент вилоятининг Чингелди маиший хизмат коллежларида “Қутқарувчи” мутахассислиги бўйича “Қутқарувчи-ҳайдовчи”, “Ғаввос-қутқарувчи”, “Дизенфекция инструктори”, “Дозиметрист” ва “Газдан қутқарувчи” каби мутахассислар тайёрланади.

Шунингдек, И.А.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Наманган давлат университети, Андижон машинасозлик, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари ва Тошкент кимё-технологиялари институтларида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими учун мўлжалланган – 5640100 – “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича олий маълумотли бакалаврларни тайёрлаш йўлга қўйилди.

Ушбу ўзгартишлар Ўзбекистон президентининг 2017 йил 1 июндаги “Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5066–сонли фармони ҳамда президентнинг 2017 йил 2 июндаги “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3030–сонли қарорига мувофиқ жорий этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: