Ўзбекистон ФВВ иссиқдан ваҳимага тушмасликка чақирди

Дата: 10:27, 16-07-2015.

Тошкент. 16 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги “бундай иссиқ ҳавонинг кузатилиши юртимиз иқлими учун истисно эмас”лиги ва бундан хавотирга тушмасликка чақирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Вазирлик матбуот хизмати маълумотларига кўра, жорий йилнинг 12 июл кунидан республикамиз ҳудудида Туркманистон орқали Эрон давлати ҳудудларидан иссиқ ҳаво оқими кириб келмоқда. Иссиқ ҳаво оқимининг кириб келиши шу ҳафта давомида кузатилади. ФВВ таъкидига кўра, шу каби ҳолат Ўзбекистонда ҳар йили кузатилади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, бундай иссиқ ҳаво Ўзбекистон иқилими учун хос бўлиб, оддий эҳтиёткорлик чоралари кўрилганда соғлиққа зарар етказиш борасида хавотирга ўрин бўлмайди.

Эслатиб ўтамизки, ФВВ томонидан ҳаво ҳарорати кўтарилиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида алоқа компаниялари орқали барча абонентларга SMS-хабарлар жўнатилган эди. Бундан ташқари, маҳаллаларда, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида, фуқароларнинг оммавий дам олишлари учун мўлжалланган сув ҳавзаларида, оммавий овқатланиш ва савдо жойларида, куннинг иссиқ вақтларида тўғри ҳаракат қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: