Ўзбекистон ФВВ Россияда автоҳалокатда вафот этган ўзбекистонликларнинг жасадларини олиб келишга ёрдамлашади
Тошкент. 9 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда РФ Самара вилоятида автоҳалокатда ҳалок бўлганларнинг яқинларига зарурий ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, ҳозирда ўзбек томони автоҳалокатда вафот этган ўзбекистонликларнинг жасадларини тезда олиб келиш масаласини кўриб чиқмоқда.
“2017 йилнинг 7 январ куни М-32 “Самара-Уралск” йўналишининг 76 километрида, Александровка ва Ледяйка аҳоли пунктлари оралиғида йўловчи автобус ва енгил автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. ЙТҲ натижасида енгил автомашинада бўлган 3 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳалок бўлишди”, - деб таъкидлашди ФВВда.
Вазирлик маълумотларига кўра, вафот этганлар Норбек Норбаев, Маркс Худойберганов ва Қахрамон Бобожоновлардир.


