Ўзбекистон Германиядаги кўргазмада янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини тақдим этди
Тошкент. 9 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон делегацияси Берлин шаҳрида Fruit Logistica-2017 йирик халқаро мева ва сабзавотларни етказиб бериш ҳамда савдо ярмаркасида иштирок этмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Fruit Logistica-2017 халқаро ярмаркасида Ўзбекистон миллий экспозицияси “Ўзагроэкспорт” компанияси ва бошқа маҳаллий қайта ишловчи, ташқи савдо корхоналари томонидан тақдим этилмоқда. Стендда янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулоти, консерваланган маҳсулотлар, шарбатлар, қуритилган зиравор ва сабзавотлар, қуруқ мевалар намойиш этилган”, - деб таъкидлашди “Ўзагроэкспорт” компаниясида.
Ярмарка якунлари бўйича европадаги қатор қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Fruit Logistica ярмаркаси ишлаб чиқарувчилар, улгуржи ва чакана савдо қилувчилар, мева-сабзавот импорт ва экспортчилари, шунингдек, қадоқлаш ҳамда транспорт компанияларига мўлжаллангандир. Жорий йилдаги тадбирда жаҳоннинг 86 давлатидан келган 3 мингдан ортиқ экспонент иштирок этмоқда.