Ўзбекистон Германияга Афғонистон чегарасидаги аэропорт ижарасини узайтирди

Дата: 17:49, 30-01-2015.

Тошкент. 30 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Германияга Афғонистон чегарасидаги Термиз шаҳридаги аэропорт базасидаги транспорт-ташув узви ижарасини узайтирди, дея хабар қилади Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ).

“Биз халқаро коалиция кучларининг Афғонистонга кириши билан бошланган ушбу ҳамкорликни (ижарани - КазТАГ) узайтирдик. Ҳозирда ушбу ишни давом эттирмоқдамиз. Ўйлайманки, у ҳар икки томон учун фойдали бўлади”, – деди журналистларга жума куни Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хефер-Виссинг. Айни пайтда у янги ижара муддати ва келишув тафсилотларига тўхталмади.

Олдин ОАВ 2014 йил ноябрдан бошлаб Германия ҲҲК томонидан Термиз аэропорти инфраструктураси ижарасининг чўзилганлиги ҳақида хабар қилган эди. Аммо расмий шахслар ушбу маълумотни тасдиқламаган эдилар.

Ўзбекистон 2001 йил охиридан бери ГФР ҲҲКга Термиз яқинидаги фуқаролик аэропортини ҳарбий бўлмаган юкларни ташиш учун ижарага берган бўлиб, бунга доир расмий шартнома 2002 йил февралда имзоланган. 2010 йил апрелда янги келишув имзоланган бўлиб, унинг муддати 2014 йил 31 октябрда якунланган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: