Ўзбекистон гидлари ўзларининг илк форумларини ўтказадилар
Тошкент. 20 феврал. ЎзТАГ – 21 февралда Тошкентда Ўзбекистон гидларининг илк форуми бўли ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
У Жаҳон экскурсоводлар кунига бағишланган бўлиб, Туризм соҳасидаги кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказида бўлиб ўтади.
Давлат туризм қўмитаси маълумотига кўра, форумда гидлар фаолиятига боғлиқ муҳим масалалар муҳокама этилади, шунингдек, Ўзбекистонда экскурсиялар фаолиятини ташкил қилиш ва такомиллаштиришга қаратилган стратегик қарор ва дастурлар ишлаб чиқилади.
Форум доирасида Ўзбекистон Гидлари ассоциациясининг ташкил этилиши, шунингдек, Гидлар кодексининг қабул қилиниши кутилмоқда.
Гидлар малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш, Жаҳон сайёҳлик гидлари уюшмалари федерациясининг гидлар билан ишлаш меъёрлари ва қоидалари билан таништириш кабилар форумнинг бош мавзулари бўлади. KOICA халқаро эксперти гидлар учун маҳорат дарси ўтказиши режалаштирилган.
Форумда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган 70дан ортиқ профессионал гидлар, сайёҳлик ширкатлари вакиллари, манфаатдор вазирлик ва муассасалар ходимлари иштирок этиши кутилмоқда.