Ўзбекистон глобал киберхавфсизлик индексида 41 позицияга кўтарилди

Дата: 13:39, 02-04-2019.

Тошкент. 2 апрель. ЎзТАГ - Халқаро электралоқа иттифоқи (ХЭИ)нинг глобал киберхавфсизлик индексида Ўзбекистон 41 позицияга кўтарилиб, 52-ўринни эгаллади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон ХЭИ Глобал Киберхавфсизлик индексида 41 позицияга кўтарилди ва кибер хавфсизлигини мустаҳкамлашда МДҲ лидерлари билан қатордан ўрин олди", деб хабар беради Давлат ахборот ва телекоммуникация тармоғини назорат қилиш инспекцияси "Техник ёрдам кўрсатиш маркази" Давлат унитар корхонаси матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, 2017 йилда Ўзбекистон рейтингда 93-ўринни эгаллади. Бу мамлакатимиз IT-соҳасини янада ривожлантиришга қўшимча туртки бўлди.

"ХЭИнинг 2017 йилги натижалари бўйича ҳисоботини ўрганиш шуни кўрсатдики, чет эллик шерикларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар: иқтисодиёт ва саноатнинг барча соҳаларини рақамлаштириш, юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқаришни локализациялаштирилгани деярли номаълум бўлган” дея қайд этилади хабарда.

Сўнгги икки йил ичида вазият ўзгарганлиги таъкидланади. Янги рейтингни тузишда ХЭИ мутахассислари Ўзбекистонда ривожланаётган "хавфсиз шаҳар" технологиясини, "электрон ҳукумат" тизимини ривожлантиришда янги концепция ва ёндашувларни, электрон тизимларга эга бўлган вазирлик ва идораларда кибер хавфсизлик масалаларига бераётган эътиборни ҳисобга олди.

Шунингдек, иттифоқ томонидан қайд этилган ижобий кўрсаткичлардан бири Ўзбекистон ҳукуматининг хусусий-давлат ҳамкорлиги салоҳиятини ривожлантиришда, жумладан, келажакда ИКТни жамият ва давлат фаолиятига жорий этиш учун зарур бўлган хорижий ишлаб чиқарувчилар ва аппарат-дастурий ечимларни етказиб берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтиришда ёрдами бўлди.

Сурат манбаи: thesun.co.uk

Янгилик билан ўртоқлашиш: