Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ўзлаштиришга тавсия қилинган маҳсулотлар рўйхатини тузди
Тошкент. 9 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ўзлаштиришга тавсия қилинган маҳсулотларнинг кенгайтирилган рўйхатини тузди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Вазирлик маълумотига кўра, https://mineconomy.uz/ru/local манзилига қўйилган рўйхат тадбиркорларга мўлжалланган.
Иқтисодиёт вазирлиги томонидан янгиланган маҳсулотлар рўйхати вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналарнинг таклифлари асосида жорий йилнинг иккинчи ярмида ўзлаштириш ва етказиб беришга тавсия этилган 62000дан зиёд товарларни ўз ичига олади.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг нарх-навоси ва техник параметрлари маъқул келган тақдирда, уларни ишлаб чиқарувчи корхоналар билан 2017 йилнинг II ярим йиллигида харид қилиш учун шартномалар тузилиши мумкин.
Маҳсулотларни ўзлаштириш ва етказиб бериш бўйича буюртмаларга эга бўлиш учун Иқтисодиёт вазирлигининг махсус электрон почта манзилига тўлдирилган талабномани юбориш лозим.
Келиб тушган барча талабномалар тегишли истеъмолчи-ташкилотларга кўриб чиқиш ва шартномалар тузиш учун тақдим этилади.