Ўзбекистон ИИВ фуқароларни эски паспортларни алмаштириш муддатларининг тугаётгани ҳақида огоҳлантирди

Дата: 17:55, 18-04-2018.

Тошкент. 18 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон ИИВ фуқароларни эски паспортларни алмаштириш муддатларининг тугаётгани ҳақида огоҳлантирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) муассаса матбуот хизматига таянган ҳолда.   

“Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ва унинг қуйи хизматлари томонидан аҳолини биометрик паспортлар билан таъминлаш ишлари давом эттирилмоқда. Нобиометрик паспортларини алмаштириш муддати 2018 йил 1 июль этиб белгиланган бўлиб, биометрик паспортга эга бўлмаган фуқаролар ушбу муддатни кутмасдан доимий рўйхатдан ўтган манзилларидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига зарурий ҳужжатлар билан мурожаат этишлари ва биометрик паспорт олишлари мумкин”, - дейилади ИИВ хабарида.

Ҳозирги кунда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида, жойлардаги биометрик маълумотларни йиғиш пунктларига жисмоний имконияти чекланганлиги сабабли етиб кела олмайдиган фуқаролар учун мобил қурилмалар ёрдамида биометрик паспорт расмийлаштириш имконияти мавжуд.

Шунингдек, муассаса паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан яшаш, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида белгиланган тартибда жарима солинишига сабаб бўлади.

“Шу сабабли биометрик паспортга эга бўлмаган фуқаролардан жойлардаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларидаги биометрик маълумотларни йиғиш пунктларига мурожаат этишлари ҳамда нобиометрик паспортларни ўз вақтида алмаштиришларини сўраймиз”, - дейилади ИИВ хабарида.

Сурат манбаи: https://ok.ru/bestmp3.uz/topic/67739142319017

Янгилик билан ўртоқлашиш: