Ўзбекистон ИИВ пулли асосда махсус хизматлар кўрсатади

Дата: 15:07, 27-12-2017.

Тошкент. 27 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) юридик шахсларга эксперт-криминалистика фаолияти соҳасида пуллик асосда экспертлик, илмий-тадқиқот ва ахборот хизматларини тақдим эта бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида ИИВ ўз сайтида маълум қилди.

Хизматлар орасида ҳужжатлар, қимматбаҳо қоғозлар, лоторея чипталари, шунингдек бошқа турдаги қатъий ҳисобот остидаги босма маҳсулотларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш бўйича тадқиқотлар, ҳужжатларда, қимматбаҳо қоғозларда, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларда қалбакилаштириш белгиларини аниқлаш билан боғлиқ масалалар бўйича ўқитиш, шахсни идентификация қилишда видеокузатув тизими имкониятларини аниқлаш кабилар бор.

Мутахассислар заргарлик буюмлари ва вино-ароқ маҳсулотлари таркибини аниқлашда, компьютер технологияси соҳасида хизмат ва консультациялар кўрсатиш, хусусан, рақамли ташувчиларда ўчиб кетган маълумотларни қайта тиклаш ва рақамли маълумотларни ҳимоялаш бўйича консультация бериш ишларида ҳам ёрдам берадилар.

Шунингдек, хизматлар орасида транспорт воситаларининг двигатель, шасси, кузов рақамларини рўйхатга қўйишда ва қайта рўйхатдан ўтказишдаги тадқиқотлар, узоқ муддат мобайнида ўчиб кетган матнларни қайта тиклаш кабилар ҳам бор.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ-2898-сонли “Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига (8-банди) асосан кўрсатила бошланди.

Сурат манбаи: http://arabic.arabianbusiness.com/jobs/2014/sep/1/369506

Янгилик билан ўртоқлашиш: