Ўзбекистон илк марта физика ва астрономия бўйича халқаро олимпиадани ўтказади

Дата: 11:11, 06-06-2018.

Тошкент. 6 июн. ЎзТАГ – 19-23 июнда Самарқандда илк марта 10-11-синф ўқувчилари орасида физика ва астрономия бўйича Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиадаси ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигидан маълум қилишларича, олимпиада ўз олдига қатор мақсадларни қўйган. Булар ўзбек олимларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш, иқтидорли ўқувчилар учун хорижий мамлакатлардаги тенгдошлари билан дўстона рақобат муҳитини яратишдан иборат.

Мустақиллик йилларида иқтидорли ўқувчилар 50 дан ортиқ турли халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, 300 га яқин медални қўлга киритган бўлсада, бироқ шу кунга қадар Ўзбекистон ўзининг нуфузли халқаро олимпиадасига эга бўлмаган. Самарқандда ўтказилаётган ушбу халқаро олимпиада мамлакат тарихидаги янги саҳифа бўлади.

Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиадада дунёнинг қатор давлатидан иқтидорли ўқувчилар иштирок этиши кутилмоқда. Унда ҳар бир иштирокчи давлатдан 6 нафар ўқувчи (3 нафари физика, 3 нафари астрономия фанидан) ҳамда икки нафар жамоа раҳбаридан иборат гуруҳ иштирок этиши белгиланган.

Халқаро олимпиада икки босқичда: назарий ва экспериментал босқичда ўтказилиб, олимпиада материаллари ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланади.

Ҳакамлар ҳайъати физика ва астрономия фанларидан дунёнинг таниқли халқаро даражадаги экспертлари, МДҲ давлатларининг профессор-ўқитувчилари ва юртимизнинг тажрибали олимлари, маҳоратли амалиётчи ўқитувчиларидан иборат.

Ушбу халқаро олимпиадада ғолибликликни қўлга киритган ўзбекистонлик ўқувчилар Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритади.

Мазкур халқаро олимпиада кейинчалик икки йилда бир маротаба ўтказилади.

Сурат манбаи: https://kpfu.ru/news/prodjuser-trk-39mir39-radik-batyrshin-39nasha-72421.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: